Айни кунларда Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида Жаҳон божхона ташкилотининг Технологик конференцияси бўлиб ўтмоқда. Мазкур нуфузли халқаро тадбирда Божхона қўмитаси раиси A.Mavlonov бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этмоқда.
Конференция доирасида божхона органларининг технологик ривожланишини жадаллаштириш, рақамли ва инновацион ечимларни жорий этиш, шунингдек, илғор халқаро тажрибаларни миллий амалиётга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбир доирасида махсус кўргазма ҳам ташкил этилган.
Конференциянинг биринчи иш кунидаёқ Божхона қўмитаси раиси A.Mavlonov ва Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Ян Сондерс ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Томонлар аввало 26 январь — Халқаро божхоначилар куни муносабати билан бир-бирларини табрикладилар. Бош котиб Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан божхона соҳаси ходимларига йўлланган табрикда Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликка алоҳида урғу берилганини юқори баҳолади.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, божхона ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш, қўшма ўқув тадбирларини ташкил этиш ҳамда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
A.Mavlonov Жаҳон божхона ташкилотининг Кинология бўйича 7-глобал форуми жорий йилда Ўзбекистонда ўтказилиши тўғрисидаги қарор учун миннатдорлик билдириб, ушбу қарор Божхона қўмитаси Миллий кинология маркази фаолиятига билдирилган халқаро эътироф эканини таъкидлади.
Шунингдек, Божхона институтига Жаҳон божхона ташкилотининг Минтақавий ўқув маркази мақомини бериш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув якунида Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Бош котиб Ян Сондерс Божхона қўмитаси томонидан таъсис этилган “Халқаро ҳамкорлик учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Божхона қўмитаси делегациясининг БААга ташрифи давом этмоқда.


