Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабарига кўра, мамлакатимиз 2027 йилда Озарбайжон билан ҳамкорликда FIFA U-20 Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.
Бугун, 2 октябрь куни бўлиб ўтган FIFA Кенгаши йиғилишида 20 ёшгача футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати мезбонлари расман эълон қилинди. Қарорга кўра, мазкур нуфузли мусобақа илк бор Марказий Осиё ҳудудида ўтказилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон бир қатор йирик халқаро спорт тадбирларига юқори савияда мезбонлик қилиб келмоқда. Жумладан, 2024 йилда мамлакатимизда ўтказилган FIFA Футзал Жаҳон чемпионати юқори даражада ташкил этилгани халқаро футбол ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилган.
2027 йилда ўтказилиши режалаштирилган мундиал ёш истеъдод эгалари учун ўз маҳоратини намоён этиш майдонига айланади. Ўзбекистон эса ўзининг меҳмондўстлиги, футболга бўлган садоқати ва мухлисларнинг фаол қўллаб-қувватлаши билан чемпионатнинг юқори даражада ўтишини таъминлашга тайёр.


