1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жамият

"Ўзбекистон маданий мероси дунё олимларини бирлаштирмоқда"

Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти Бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов билан эксклюзив суҳбат.

"Ўзбекистон маданий мероси дунё олимларини бирлаштирмоқда"

 

Яқинда Самарқандда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг Олтинчи конгресси ўз ишини якунлади. Унда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан юзлаб олимлар иштирок этишди. Мазкур лойиҳанинг илмий ҳамжамият, хусусан Ўзбекистон учун аҳамияти беқиёс. Мамлакатимизда бутун дунё учун мураккаб ва беқарор бир даврда Ўзбекистон маданий меросини тадқиқ этаётган хорижий олимларни бир нуқтага жамлаш, ана шу йўналишда чоп этилган 60 та китоб-альбомни кенг жамоатчиликка етказиш — таҳсинга сазовор иш. Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти Бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов билан ушбу Конгресснинг аҳамияти, эришилган ютуқлар, бу борада заҳмат чекаётган олимлар фаолияти хусусида суҳбатлашдик.

 

— Ўзбекистон маданий меросини тадқиқ этишга қаратилган илк конгресс ўтказилганига яқинда 5 йил тўлди. Сизнинг назарингизда 2017 йилда ўтказилган дастлабки Конгрессдан бу йилгисининг фарқи нимада?

— Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фаолиятининг илк давридан халқимизнинг бой маданий меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга катта эътибор қаратди. Биз ҳам давлат раҳбарининг ана шу эътибори ва ғамхўрлигидан руҳланиб, иш бошлаганмиз. Дастлабки конгрессда биз илмий ҳамжамият эътиборига меҳнатимизнинг илк намуналари – “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида туркумидан  чоп этилган бешта альбомни тақдим этган эдик. Ўшанда ҳам Ер юзининг турли нуқталаридан  300 нафардан ортиқ олим ва экспертлар, хорижий меҳмонлар ташриф буюрган. Бу конгресс биз учун синов майдони вазифасини ўтади. Кўплаб олимлар бу лойиҳага қизиқиш билдиришди ва унинг доимий иштирокчисига айланишди. Бугунги кунда китоб-альбомларимиз сони 60 тага етди. Йигирмадан ортиқ мамлакатларга илмий экспедициялар уюштирдик. Юздан ортиқ конференциялар, тақдимотлар, медиа-ивентлар ўтказдик. Бугунги кунда иш фаолиятимиз қамрови, олимларимиз, ҳамкорларимиз сафи янада кенгайди. Биз Ўзбекистон маданий меросини ўрганаётган янги-янги олимларни кашф этяпмиз. Жорий йилдаги иштирокчиларимизнинг 75 фоизини  сафимизга янги қўшилганлар ташкил этади. Биз жорий йилда асосий эътиборни Марказий Осиё мамлакатларининг муштарак меросини ўрганишга қаратдик. Иштирокчиларимизнинг асосий қисмини ҳам минтақамиз вакиллари ташкил этди. Шу пайтга қадар асосан узоқ хорижий мамлакатларда сақланаётган маданий меросимиз ёдгорликларига диққат қаратган бўлсак, эндиликда  қўшни мамлакатлар музей ва кутубхоналари, тўпламларидаги осори атиқаларни тадқиқ этишга киришяпмиз.

Албатта, Марказий Осиё халқлари маданияти бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Қайси маданий ёдгорлик кимга тегишли экани ҳам баъзида катта баҳсларга сабаб бўлади. Чунки бу минтақада ўз даврида турли тамаддунлар, динлар, қарашлар туташган, ўнлаб империялар ҳукмронлик қилган, ҳар бири тарихимизда ўчмас из қолдирган. Шу боис биз минтақадаги маданий меросни фақат Ўзбекистонга тегишли деб эмас, умумий, муштарак маданий ёдгорликлар сифатида тадқиқ этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Биз ана шу йўналишда яна ўнлаб китоб-альбомлар яратишни мўлжаллаяпмиз.

 

— Яна қайси давлатлар билан алоқалар йўлга қўйиляпти?

— Айни пайтда Покистон, Эрон, Ирландия, Дания, Озарбайжон олимлари билан музокаралар олиб боряпмиз. Албатта бу масалаларнинг барчаси битта конгресс доирасида ҳал қилинмайди.  Ўтган конгрессда Озарбайжон гиламлар музейи раҳбари ширин Меликова иштирок этганди. Биз ундан Озарбайжонга бағишланган жилдга кураторлик қилишни таклиф этдик. Айни пайтга қадар Ширин Меликова Озарбайжонда бизнинг альбомимиз учун катта миқдорда материаллар жамлади. Жойи йилда ушбу мамлакатда сақланаётган маданий меросимиз дурдоналари ҳақида  битта жилд тайёр бўлиши кутилмоқда.

Буюк Британиянинг “Ал-Фурқон” фонди билан ҳамкорлигимиз ҳам жорий йилдан ўз натижаларини бера бошлади. Улар билан алоқа ўрнатганимизга 3-4 йил бўлди. Аммо, улар айни пайтга қадар биз билан ҳамкорлик қилишга бироз чўчиб қарашар, Ўзбекистон ҳукумати кейинчалик уларнинг ихтиёридаги маданий бойликларни қайтаришни талаб қилмасмикин, деган андишалари ҳам йўқ эмасди. Аммо, биз уларга лойиҳамизнинг мақсади ва моҳиятини тушунтириб берганимиздан кейин улар фонддаги нодир қўлёзмалар ҳақида маълумотларни баҳам кўришга рози бўлишди. Ушбу фондда кўплаб буюк алломаларимиз, масалан тошкентлик мутафаккир олим Қаффол Шошийнинг фиқҳий масалаларга бағишланган ноёб асарлари борлигини аниқладик.

 

— Маълумки, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида лойиҳаси доирасида турли ҳужжатли фильмлар ҳам суратга олинмоқда.

— Албатта, ҳар бир китоб-альбомнинг видео-талқинини  яратиб боряпмиз. Китобларга уларнинг мазмунини ифодаловчи фильмлар ёзилган дисклар илова қилинади. Китобдаги махсус QR-кодлар орқали экспонатлар ҳақида зарур видеомаълумотларни кўриш ва юклаб олиш мумкин. Биз айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда ўнлаб янги кинолойиҳалар устида ишлашни режалаштиряпмиз. Жумладан, Марко Поло ва Ибн Сино ҳақида фильмлар суратга олишни  кўзда тутганмиз. Машҳур кинорежиссёр Тимур Бекмамбетов билан қорақалпоқ халқ эпоси “Қирқ қиз” сюжети асосида фильм суратга олмоқчимиз.

 

— Мазкур конгрессда қандай илмий янгиликлар эълон қилинди?

— Масалан, тожикистонлик олим, профессор  Бадриддин Мақсудов ушбу мамлакат фондларида сақланаётган, Ҳазрат Навоийнинг ҳаётлик даврида кўчирилган қўлёзмалар, Соҳибқирон Амир Темур ҳаётига бағишланган маноқиб ҳақида маълумот берди. Қизиғи, Амир Темур ҳаёти ҳақида эски ўзбек тилидаги энг эски манба XVIII  аср бошларига мансуб деб қараларди. Тожикистонда ундан юз йилча аввал ёзилган туркий тилдаги “Темурнома” қўлёзмаси мавжудлиги аниқланди.

Сиёсий таҳлилчи, ёзувчи. Марказий Осиё ва Кавказ институти асосчиси Фредерик Старр Конгресс давомида “Тафаккурдаги рақобат: милодий 1000 йил” китобини тақдим этди. Унда  Ибн Сино, Беруний сингари олимларнинг ўша пайтдаги илмий изланишлари янгича қарашлар асосида таҳлил қилинган.

Шунингдек, Конгрессда Куала-Лумпур музейидаги сақланаётган, 13 асрлик тарихга эга суғд либоси, Италияда сақланаётган Бухоро амирлиги хазинаси намуналари, Алмати музейидаги ўзбек рассомларининг асарлари, ўзбек ҳукмдорларининг Россия императорига  йўллаган, айни пайтда Эрмитаждан жой олган ҳадялари илк бор Ўзбекистон  ва дунё  илмий жамоатчилигига маълум қилинди.

 

— Сиз бу лойиҳанинг келажагини қандай тасаввур қиласиз?

— Бизнинг асосий мақсадимиз Ўзбекистон ҳудудида яратилган, тақдир тақозоси билан дунёнинг турли нуқталарига бориб қолган маданий меросимиз намуналарини ўрганиш, улар ҳақида маълумотларни жамлаш ва каталоглаштиришдан иборат. Афсуски, турли музейларида ушбу экспонатлар нотўғри тавсифланаётгани, улар умуман бошқа мамлакатлар ва халқлар мероси сифатида кўрсатилаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Масалан, бир  неча йил аввал биз Британия музейида сақланаётган Жалолиддин Мангубердининг шахсий косасини учратдик. Аммо бу буюм Эрон маданий мероси намунаси сифатида тавсифланган. Биз музей раҳбариятига бу нодир буюм бевосита Ўзбекистон маданиятига мансуб эканини тушунтирдик.

1993 йилда Европадаги йирик музейлардан бири – Линден музейида сақланаётган Ўзбекистон ёдгорликлари ҳақида муҳташам альбом тайёрланган ва у Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ташрифи муносабати билан тақдим этилган. Орадан 23 йил ўтиб, биз ана шу альбом асосида янги нашр яратиш таклифи билан музей раҳбарига мурожаат қилдик. Аммо улар анчагача бизнинг таклифимизни ортга суриб келишди. Ниҳоят Германия Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида биз музей фондига киришга муваффақ бўлдик. Аммо, музейда жуда кўп артефактлар Эрон ва бошқа мамлакатларга нисбат берилганини аниқладик. Музей раҳбарияти бизга бу тушунмовчиликнинг сабабини кўрсатиб беришолмади.

 

— Шу ўринда Сиз амалга ошираётган “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” лойиҳаси ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— Афсуски, моддий ёдгорликлар абадий эмас. Улар вақт ўтиши, иқлим шароитлар ва бошқа сабаблар туфайли нураб бораверади. Ҳатто юз олдин юртимиз ҳудудида мавжуд бўлган кўплаб тарихий обидалар бугун йўқолиб кетган. Яна юз йилдан кейин нима бўлишини билмаймиз. Аммо, биз бу ёдгорликлар ҳақида тўлиқ маълумотлар, жумладан улар бағридаги тилсимларни ўзида жойлаган битикларни асраб қолишимиз, ўрганишимиз ва кенг жамоатчиликка етказишимиз керак. Биз айни пайтга қадар юзлаб обидалардаги қадимий битиклар сирини очишга муваффақ бўлдик. Уларни ўзбек, рус, инглиз тилларидаги таржималари билан китоб-альбомларимизга киритдик.

Ушбу лойиҳа тарихий ёдгорликларимиз ҳақида халқ орасида тарқалган ноўрин афсоналарга ҳам барҳам бердик. Масалан, Самарқанддаги Амир Темур қабртошида марҳумларни безовта қилганлар лаънатга қолиши ҳақида таҳдидли битиклар мавжуд, деган қарашлар юрарди. Биз бу битикларни атрофлича ўргандик. Унда ҳеч қандай таҳдид ёки қарғиш йўқлиги маълум бўлди.

Кўпчилик тарихий ёдгорликларда фақат оят ва ҳадислар битилган, деб ўйлайди. Аслида улар орасида шоирларимизнинг туркий ва форсий тиллардаги шеърий асарларидан парчалар, ҳукмдорларнинг ёрлиқлари, бинолар ҳақида қимматли маълумотлар ҳам учрайди. Биз яқин келажакда ўзбек ҳукмдорлари топшириғи билан бугунги Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида яратилган меъморий ёдгорликларни ҳам тадқиқ этмоқчимиз.

 

— Бу борадаги изланишларга, тадқиқотларга Ўзбекистон раҳбарияти қандай ёрдам бермоқда?

— Собиқ иттифоқ тарқалиб кетгач, ҳар бир мамлакат ўз тараққиёт йўли, жумладан мафкуравий сиёсатини ҳам белгилаб олди. Миллий маданий мерос ҳар бир халқнинг тарихи, қиёфаси ва келажагини белгиловчи асосий омил. Биз маданий меросимизни ўрганмасак, кимлигимизни, қандай тарихий илдизларга эга эканлигимизни чуқур англаб етолмаймиз. Бу эса, маънавий таназзулга етаклайди.  Шу боис, муҳтарам Президентимиз  Шавкат Мирзиёев ҳам асосий эътиборни ана шу масалага қаратди.  

Агарда, давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз қўллаб-қувватламаганда, бу лойиҳа амалга ошмасди. Ҳар бир конгресс аввалида уни юқори даражада ўтказишга қаратилган ҳукумат қарори эълон қилинади. Конгрессларимиз турли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари кўмагида ўтказилади. Икки йил олдин Бутунжаҳон жамияти аъзолари лойиҳа доирасида чоп этилган китоб-альбомларни мамлакатдаги ўқув юртлари кутубхоналарига етказиш бўйича Ўзбекистон раҳбарига мурожаат қилишди. Шу тариқа 35 жилд  китоб-альбомларнинг ҳар бирини 10 минг нусхадан чоп этиш бўйича маблағ ажратди. Ушбу нашрлар Халқ таълими вазирлиги ўқув муассасаларига йўналтирилади. Айни пайтга қадар “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида жами 350 минг нусха китоб альбомлар чоп этилди.

Бу борада бизга ижтимоий масъулиятли бизнес вакиллари ҳам яқиндан ёрдам бераётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим. Жумладан, лойиҳаларимизнинг бош ҳомийси ERIELL компанияси раҳбариятига чуқур миннатдорлик билдираман.  ERIELL нафақат ҳомий, балки ташкилотчи сифатида ҳам бизга яқиндан кўмаклашмоқда. Компания раҳбари  Бахтиёр Фозилов билан мунтазам алоқадамиз. VI  Конгрессга тайёргарлик кўриш ва ўтказишда ҳам компания раҳбарияти биздан ҳар қанақанги ёрдамни аямади. То конгресснинг охирги иштирокчиси ўз уйига етиб боргунча, ERIELL биз билан бирга бўлди.

 

— Жорий йилнинг февраль ойида академик, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳасининг илмий раҳбари Эдвард Ртвеладзе  вафот этди. Бу сизнинг жамиятингиз фаолиятига қандай таъсир қилди?

— Лойиҳанинг юзага келиши ва оёққа туришида Эдвард Васильевичнинг хизматлари беқиёс. У лойиҳани илмий жиҳатдан тизимга солди, йўналтирди. У китоб-альбомларнинг ҳар бирини ўқиб, таҳрир қилар, муаллифларга йўл-йўриқлар берарди. У умрининг сўнгги йилларини айнан шу лойиҳа бағишлади десак хато бўлмайди. Ртвеладзе лойиҳага қаратилган турли босимлар, танқидий қарашларга ҳам кўксини қалқон қиларди.  Мухолиф фикрдаги зиёлилар ҳам 

бора-бора Ртвеладзе билан келишишга, ҳатто лойиҳамизга кўмаклашишга рози бўлишди. Албатта, Эдвард Ртвеладзенинг вафоти фаолиятимиздаги жиддий йўқотиш бўлди. У жуда ақлли, билимли, узоқни кўра биладиган донишманд инсон эди. У қачондир бу дунёни тарк этишини яхши тушунарди. Шу боис, мазкур лойиҳани мустаҳкам йўналишларини белгилаб кетди. Биз ана шу йўналишлар бўйича ишларимизни давом эттиряпмиз.

Биз ҳар доим олимларимиз, лойиҳамизнинг фидойи аъзолари кучига, меҳнатига таянамиз.  Шу лойиҳа сабабли ўнлаб маҳаллий ва хорижий олимлар билан битта оила бўлиб бирлашдик. Мен лойиҳамиз мувофиқлаштирувчиси Екатерина Соболева, санъатшунослик фанлари доктори Элмира Гул, маданий меросимиз ҳақидаги ҳужжатли фильмлар муаллифи Шаҳноза Ғаниева, шунингдек, лойиҳамизда иштирок этиб келаётган бир қатор олимлар, таҳлилчилар, экспертлар, фотограф ва журналистларга ҳам ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

 

— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика