Жорий йилнинг январ–август ойларида Ўзбекистоннинг умумий экспорти 22,98 млрд долларни ташкил этди. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, шундан 8,42 млрд доллари ёки 36,7 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келади. Бу мамлакат тарихида қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Аввалги йилларда ҳатто йиллик натижалар ҳам бу саккиз ойлик кўрсаткичдан паст бўлган.
Солиштириб кўрадиган бўлсак, 2024 йилнинг шу даврида олтин экспорти 4,98 млрд долларни ташкил этган. 2023 йил якунида бу кўрсаткич кескин ошиб, 8,1 млрд долларни ташкил қилган. 2021 ва 2022 йилларда эса ҳар икки йилда ҳам қиймат 4,1 млрд доллар атрофида бўлган. 2020 йилда 5,8 млрд долларлик, 2019 йилда 4,9 млрд долларлик ва 2018 йилда эса 2,9 млрд долларлик олтин сотилган.
Шунингдек, 2025 йил 1 сентябр ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қиймати илк бор 50,1 млрд долларга етди. Унинг 40 млрд доллардан ортиқ қисми олтиндан иборат. Мамлакат захирасида 11,8 млн унсия (334,5 тонна) олтин мавжуд.


