1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Ўзбекистон сайёҳлар оқими энг тез ўсаётган ТОП–7 мамлакатлар қаторига кирди

2025 йилда Ўзбекистонга келган халқаро туристлар оқими 2019 йилга нисбатан 73 фоизга ошди.

Ўзбекистон сайёҳлар оқими энг тез ўсаётган ТОП–7 мамлакатлар қаторига кирди

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (БМТ Туризм) томонидан эълон қилинган World Tourism Barometer сўнгги таҳлилий маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича дунё миқёсида энг юқори ўсиш қайд этилган ТОП–7 мамлакатлар қаторига кирди.

 

Ҳисоботда қайд этилишича, мазкур даврда Ўзбекистонга ташриф буюрган халқаро туристлар оқими 2019 йил даражасига нисбатан 73 фоизга ошган. Бу мамлакатнинг глобал туризм маконидаги мавқеи изчил мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.

 

Шунингдек, БМТ Туризм рейтингига мувофиқ, 2019 йилга нисбатан туристлар сонининг ўсиш суръатлари бўйича Ўзбекистон Европа минтақаси давлатлари орасида 2-ўринни эгаллади. 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакатга келган халқаро сайёҳлар сони 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга ошиб, Ўзбекистон Европа минтақасида энг юқори ўсиш қайд этган ТОП–4 туристик йўналишлар қаторига киритилди.

 

БМТ Туризм ҳисоботида таъкидланишича, 2025 йил январь–сентябрь ойларида жаҳон бўйича халқаро саёҳатлар ҳажми ўртача 5 фоизга ошган ва глобал туризм пандемиядан кейинги барқарор тикланиш босқичига кирган. Ушбу умумий тенденциялар фонида Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари мамлакатда олиб борилаётган изчил ва узоқ муддатли сиёсатнинг амалий самарасини намоён этмоқда.

 

2025 йилда Ўзбекистон туризм соҳасида рекорд натижаларни қайд этди. Дастлабки 11 ойда мамлакатга 10,7 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Апрель ойидан бошлаб эса тарихда илк бор ҳар ойда миллиондан ортиқ сайёҳ қабул қилинмоқда. Туристик хизматлар экспортидан олинган даромадлар 4,4 миллиард доллардан ошди.

 

Сайёҳлар оқимининг ўсиши виза режимини кенгайтириш, транспорт қулайлигини ошириш ҳамда фаол халқаро маркетинг сиёсати билан боғлиқ. Шу билан бирга, янги меҳмонхоналар, сайёҳлик компаниялари ва туризм мутахассислари сонининг ортиши мамлакат инфратузилмасини мустаҳкамлаб, Ўзбекистоннинг жаҳон туризм бозоридаги рақобатбардошлигини оширмоқда.

 

Самарқанд, Бухоро ва Хива каби анъанавий тарихий марказлар билан бир қаторда, экологик ва гастрономик туризм йўналишларига қизиқиш ҳам ортиб бормоқда. Узоқ хориждан келаётган сайёҳлар улушининг ошиши Ўзбекистоннинг минтақавий йўналишлар доирасидан чиқиб, глобал туризмда ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораётганидан далолат беради.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика