Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ёшлар, ота-оналар ва педагогларни гиёҳвандлик ҳамда наркожиноятчиликка қарши ҳушёрликка чақирган қўшма мурожаатни эълон қилди.
Мурожаатда таъкидланишича, фарзанд — ҳар бир оиланинг энг улуғ неъмати бўлиб, уни турли иллатлар, хусусан гиёҳвандлик балосидан асраш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Сўнгги йилларда мазкур иллатга жалб этилаётган ёшлар сони ортаётгани, бу эса нафақат уларнинг соғлиғи, балки келажак ҳаёти ва жамият барқарорлигига ҳам жиддий хавф туғдираётгани қайд этилади.
Вазирликлар ёшларни огоҳ бўлишга, “бир марта синаб кўраман” деган хавфли хаёлдан йироқ туришга чақирар экан, гиёҳванд моддаларнинг ҳаёт, таълим, келажак орзуларига бевосита таҳдид экани алоҳида урғу билан эслатди.
Мурожаатда ота-оналарга фарзандлар билан очиқ мулоқотда бўлиш, уларнинг руҳий ҳолати, дўстлари ва қизиқишларидан бохабар туриш зарурлиги эслатилди. Устозларга эса таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзи, маънавият ва масъулият тушунчаларини тарғиб қилиш, гиёҳвандлик оқибатлари бўйича танқидий фикрлашни кучайтириш вазифаси юклатилди.
Мурожаат якунида барча фуқаролар наркожиноятчиликка қарши кескин ва муросасиз муносабатда бўлишга, ёшларни ҳимоя қилишда ҳамжиҳатлик кўрсатишга чақирилди.


