Ўзбекистон раҳбариятининг маърифатни ривожлантириш ва Ислом илмларини қайта тиклашга қаратилган фаолияти халқаро майдонда эътибордан четда қолмаяпти. Ўзбекистон делегациясининг Мисрдаги дунёга машҳур “Ал-Азҳар” маркази раҳбарияти билан яқинда бўлиб ўтган учрашуви Араб дунёсининг академик маркази ҳисобланган Мисрлда кенг акс-садо берди ва ислом дунёсининг етакчи оммавий ахборот воситаларидан бирида ёритилди.
50 минг нусхада нашр этиладиган нуфузли "Al-Liwaa Al-Islami" ("Ислом байроғи") диний-ижтимоий газетаси ушбу мавзуга бағишлаб, биринчи саҳифада мақола эълон қилди.
Мақола Ўзбекистон илмий ва диний маърифат соҳасида стратегик ҳамкор сифатида қабул қилинаётганидан ёрқин далолат беради. Унда мамлакатимизда ислом илмлари ва таълимини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ва эътибор алоҳида таъкидланган. Шунингдек, Саида Шавкатовна Мирзиёеванинг фаолияти ва бу борадаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилди.
“Ал-Азҳар” маркази билан ҳамкорликнинг янги даври
Миср матбуотидаги мақола Ал-Азҳар бош имоми Шайх Аҳмад ат-Таййиб билан бўлиб ўтган муҳим учрашув якунлари бўйича чоп этилди. Ушбу йирик ислом маркази раҳбарияти Ўзбекистон билан илмий-маърифий ҳамкорликни кенгайтиришга тўлиқ тайёрлигини билдирди.
Асосий келишувлар:
- Академик алмашинув. Икки мамлакат уламолари, олимлари ва мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш дастурларини ишга тушириш
- Талабаларни қўллаб-қувватлаш. Ал-Азҳарда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, қўшимча грантлар яратиш
- Тадқиқотлар. Марказий Осиёнинг бой меросини ўрганишга қаратилган қўшма илмий-тадқиқот лойиҳалари ва ташаббусларини амалга ошириш
- Таълим. Қўшма конференциялар, маҳорат дарслари ва ўқув семинарларини ташкил этиш
Мақолада қайд этилишича, Шайх Аҳмад ат-Таййиб энг буюк ислом уламолари ватани бўлган Ўзбекистон билан ҳамкорлик тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Ушбу халқаро эътироф Ўзбекистоннинг маърифат, очиқлик ва илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги интилишлари стратегик жиҳатдан тўғри эканлигини тасдиқлайди.
Ўзбекистон раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари "Al-Liwaa Al-Islami" каби йирик ва нуфузли нашрда чоп этилгани мусулмон дунёсида ушбу ўзгаришлар кучли қўллаб-қувватланаётганидан далолатдир.


