Ўзбекистонда миллий иқтисодиётни технологик ва инновацион ривожланиш моделига ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар дастлабки самараларини бермоқда. Саноат тармоқларида энергия тежамкор ва юқори технологик ечимларнинг жорий этилиши натижасида маҳсулот бирлиги учун энергия сарфи 13 фоизга қисқарди. Бу эса иқтисодиётда қўшимча 1 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратилишига хизмат қилди.
Мамлакатда рақамли трансформация стратегик устувор йўналиш сифатида белгиланган. Президент таъкидлаганидек, 2030 йилга бориб IT хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Жорий йилда ушбу кўрсаткич илк бор 1 миллиард долларга етди. Халқаро рақамли технологиялар марказининг ташкил этилиши ва инвесторлар учун яратилган имтиёзлар соҳа ривожига хорижий сармояни фаол жалб этмоқда.
2026 йилдан бошлаб Тошкент, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятида дата-марказлар ва суперкомпютерлар ишга туширилади, олий таълим муассасаларида сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилади. Ушбу инфратузилма тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва молия соҳаларида 100 дан ортиқ АИ лойиҳаларни амалга ошириш имконини беради.
Шу билан бирга, Ўзбекистон космик тадқиқотлар йўналишида ҳам муҳим қадамлар ташламоқда. 2028 йилда Самарқандда Халқаро астронавтика конгресси ўтказилиши режалаштирилган. Илк сунъий йўлдошни учириш ва биринчи ўзбек космонавтини фазога жўнатиш ташаббуслари мамлакатнинг илмий ва технологик салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.


