Қирғизистон Жогорку Кенешининг Аграр сиёсат, сув ресурслари, ер ости бойликларидан фойдаланиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси йиғилишида минтақавий сув ресурсларидан фойдаланиш ва суғориш суви учун тўлов масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Кактус медиа нашри хабар берди.
Йиғилиш давомида депутат Умбетали Қидиралиев глобал иқлим ўзгариши шароитида сув танқислиги кучайиб бораётганини таъкидлаб, Қирғизистондаги гидроэлектр станциялар сув омборларидаги сувнинг қарийб 80 фоизи Қозоғистон ва Ўзбекистонга етказиб берилишини қайд этди. Депутат мазкур жараён доирасида сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича иқтисодий механизмлар қандай шакллантирилаётгани юзасидан савол кўтарди.
Бош вазир ўринбосари, сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Бақит Торобаев Ўзбекистон ва Қозоғистон Камбар-Ота ГEСи қурилишида иштирок этаётгани ушбу давлатларнинг сув ресурсларидан фойдаланишга қизиқиш билдираётганини кўрсатишини таъкидлади.
Шунингдек, у Кемпир-Обод сув омбори Ўзбекистон билан 50/50 нисбатда бошқарилишини, Киров ва Орто-Токой сув омборлари эса Қирғизистон назоратида эканини эслатди. Сув тақсимоти ҳажми ҳар йили давлатлараро комиссиялар томонидан белгиланади.
“Қирғизистон ушбу гидроэлектр иншоотларини сақлашдан ҳеч қандай иқтисодий фойда кўрмаяптими? Таъмирлаш ишлари олиб борилиши, сувни сақлаш ва тўғонларни текшириш керак. Асосан, харажатлар бор! Ҳатто АҚШ ҳам Канадага сув учун, Германия эса Швецияга пул тўлайди. Хўш, нега Қирғизистон сув учун пул олмайди? Бу халқаро ҳуқуқ!”, деди Қидиралиев.
Энергетика вазири ўринбосари Насипбек Керимов мазкур йўналишдаги ишлар энергетика компаниялари билан ҳамкорликда олиб борилаётганини маълум қилди.
Бош вазир ўринбосари Бақит Торобаев ушбу масалага оид айрим маълумотлар махфий характерга эга эканини ҳам қайд этди. Шунингдек, Қирғизистон раҳбарияти қўшни давлатлардан гидроиншоотларни таъмирлаш харажатлари учун мажбурий тўлов талаб қилмаслик позициясини билдиргани маълум қилинди.


