Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи доирасида мамлакатимиз Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Туркия Биринчи хоними Эмине Эрдоған билан биргаликда Анқаранинг тарихий марказида жойлашган “Anqara Palas” музейига ташриф буюрди.
Қарийб бир асрлик тарихга эга бўлган ушбу меъморий мажмуа минг квадрат метрга яқин майдонни эгаллаб, Туркиянинг бой маданий ва санъат меросини ўзида мужассам этади. Музей экспозициясида тўқимачилик буюмлари, чинни ашёлар, қўлёзмалар, дипломатик совғалар, шунингдек, Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатуркнинг шахсий буюмлари намойиш этилмоқда.
Алоҳида эътибор халқларимиз ўртасидаги тарихий ва маданий алоқаларни акс эттирувчи экспонатларга қаратилди. Жумладан, Бухоро ҳунармандлари томонидан яратилган ижод намуналари музей тўпламида муҳим ўрин эгаллаган. Ташриф чоғида меҳмонларга миллий либослар коллекцияси, анъанавий каштачилик, сопол буюмларни безаш ва қўғирчоқ ясаш жараёнлари ҳам намойиш этилди.
Зироат Мирзиёева маданий меросни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодларга етказиш муҳимлигини таъкидлаб, бу борада Туркияда олиб борилаётган ишларни юксак баҳолади. Томонлар маданият ва гуманитар ҳамкорлик халқларни яқинлаштиришда муҳим ўрин тутишини қайд этдилар.
Ташриф доирасида икки мамлакат биринчи хонимлари махсус маросимда ҳам иштирок этди. Унда давлат раҳбарлари Туркиянинг Хатай вилоятида Ўзбекистон томонидан барпо этилган турар жой мажмуасини очди ҳамда Истанбул шаҳрида Ўзбекистоннинг хориждаги илк мактаби қурилишига старт берди.


