Кеча, 6 июль куни Брюсселда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзолаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон томондан бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов қатнашди.
Янги битим Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида 1996 йилда имзоланган амалдаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнига ишлаб чиқилган ҳамда икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган.
Амалдаги битим бир неча қоидалардан таркиб топган: инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик, маданий алоқаларни илгари суриш, молиявий ва техник ҳамкорлик, инвестициялар, товар ва хизматлар савдоси, шунингдек, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш.
КШҲТБ кенгроқ масалалар қамровига бағишланиб, улар савдо ва унга тегишли масалалар, шу жумладан, божхона маъмурчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва давлат корхоналарининг фаолияти, давлат харидлари, низоларни ҳал қилиш ва бошқа соҳалар билан боғлиқ қоидалардан иборат.
Маросимда томонлар кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш ва унинг кучга кириши учун зарур ҳуқуқий тартиб-таомилларни ниҳоясига етказиш, шундан сўнг унинг тўлиқ ва сифатли ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш учун биргаликда ишлашга тайёрликларини қайд этишди.


