Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида 7–21 ноябрь кунлари бўлиб ўтган VI Ислом бирдамлиги ўйинлари якунларига кўра, Ўзбекистон делегацияси умумий ҳисобда 96 та медални қўлга киритиб, 57 давлат орасида иккинчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистон спортчилари мусобақа давомида 29 та олтин, 35 та кумуш ва 32 та бронза медалига сазовор бўлди. Шундай қилиб, Ўзбекистон делегацияси 2022 йилги ўйинлардаги натижасини такрорлаб, яна кучли учликдан жой олди.
Умумжамоа ҳисобида Туркия делегацияси 72 та олтин, 44 та кумуш ва 39 та бронза — жами 155 та медали билан мусобақа ғолиби бўлди. Ўзбекистон билан бир хил миқдорда олтин медаль жамғарган Эрон спортчилари эса қўлга киритилган медаль умумий сони бўйича (81 та) учинчи ўринни эгаллади.
Якуний рейтингда кучли ўнталикдан Саудия Арабистони, Миср, Баҳрайн, Қозоғистон, Нигерия, Марокаш ва Озарбайжон делегациялари ҳам жой олди.
Минтақа давлатлари орасида Қирғизистон 19 та медаль билан 14-ўринни, Афғонистон 3 медаль билан 26-ўринни, Тожикистон эса 6 медаль билан 28-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мазкур натижани мамлакатнинг Ислом бирдамлиги спорт ҳамжамияти ичида йирик спорт кучига айланганидан далолат эканини таъкидлади.


