Ўзбекистон халқ артисти Турғун Азизов 90 ёшида вафот этди.
Актёр 1934 йилнинг 30 ноябрида Тошкентдаги Сарёғчи (ҳозирги Бешқайрағоч) маҳалласида туғилган. 1956 йили аввалги Ўзбекистон Давлат театр ва рассомчилик институтини тамомлаб, шу йили ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга қабул қилинган. 33 ёшида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган. 1974 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонини олган. Шунингдек, у “Меҳнат-шуҳрати” ордени (2001 йил) соҳиби ҳам ҳисобланади.
Актёрга катта шуҳрат келтирган роли "Ўлимдан кучли" спектаклидаги Монсеррадир. Кинода Амир Олимхон ("Ганг узра тонг"), Бакир ("Мафтунингман"), Амир Насрулло ("Нодирабегим"), Ота Мақсумов ("Узоқ-яқин йиллар"), Мирзакаримбой ("Пароль – Регина меҳмонхонаси"), Дадабой ("Қўқон воқеаси") каби образлар яратди. Лирико-драматик ва романтик пландаги ролларини зўр эҳтирос ва жўшқинлик билан ижро этган, қаҳрамонлар характерини очишда тил бойлигидан усталик билан фойдаланган, оз ҳаракатда кўп маъно англатишга, қаҳрамонининг ҳис-туйғулари, ички кечинмаларини табиий ифодалашга интилгани эътироф этилган.


