Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқининг Ички ишлар ва миграция бўйича бош директорати экспертлари билан виза тартибини соддалаштириш юзасидан музокараларнинг биринчи босқичини ўтказди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.
ТИв Консуллик-ҳуқуқий департаменти маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон фуқароларининг Европа давлатларига меҳнат фаолияти, таълим олиш, юк ташиш ҳамда туристик мақсадларда бориши учун виза тартиб-таомилларини енгиллаштириш имкониятлари муҳокама қилинган.
Шунингдек, Европа томони Ўзбекистон фуқаролари учун виза режимини соддалаштириш масаласини Еврокомиссия йиғилишига киритиш учун бажарилиши лозим бўлган қатор шартларни белгилаб берди. Томонлар ушбу мақсадларга тезроқ эришиш учун мулоқотни изчил давом эттиришга келишиб олди.


