Ўзбекистоннинг 5 та қадимий шаҳрида 72 та объектга қонунчилик талабларига зид равишда 121 та реклама ўрнатилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди. [https://t.me/uzbprokuratura/17996] Қайд этилишича, Бухородаги 27 та маданий мерос объектида 50 та, Самарқанддаги 25 та объектда 45 та, Тошкент шаҳридаги 18 та объектда 24 та, Хивадаги 2 та объектда 2 та реклама баннери ўрнатилган. Бухоро шаҳрида жойлашган ноёб архитектура ёдгорлиги тоифасига кирувчи XIX асрга оид “Иброҳим Охунд” мадрасасида 6х3 ўлчамдаги “гўзаллик салони” реклама баннери ўрнатилиб, объектнинг тарихий кўриниши тўлиқ ёпиб қўйилган. Тошкентдаги XX асрга оид “Баҳор” ресторани биносида 7х9 ўлчамдаги “бильярд ва ресторан” реклама баннери ўрнатилиб, бино тарихий кўриниши кўримсиз ҳолатга келтирилган. Прокуратура ва мутасадди идоралар томонидан 53 та объектда ноқонуний ўрнатилган 99 та реклама баннерлари олиб ташланиши таъминланиб, маданий мерос объектлари кўриниши асл ҳолатига қайтарилган. Шунингдек, 19 та объектда ноқонуний ўрнатилган 22 та реклама баннерини олиб ташлаш юзасидан мутасадди шахсларга ёзма кўрсатмалар берилган. Маълумот учун; маданий мерос объектларида ташқи реклама жойлаштириш “Реклама тўғрисида”ги Қонунга асосан қатъий таъқиқланиб, ушбу объектлар ва уларнинг ёндош ҳудудлари рекламадан ҳоли этиб белгиланган.