Вазирлар Маҳкамасининг 9 январдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон бўйлаб 121 та чўққи, тоғ ва тоғ тизмаси номлари давлат тили қоидалари ва меъёрларига мувофиқлаштирилади. Қарор Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон ҳудудларидаги географик объектларни қамраб олади.
Қарорга кўра, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хариталар, иш юритиш материаллари ва хизмат ёзишмаларида фақат тасдиқланган янги номлардан фойдаланилиши шарт этиб белгиланди. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси икки ой муддатда ҳужжатлар, хариталар ва маълумотлар базаларига тегишли ўзгартиришлар киритиши лозим.
Бундан ташқари, тоғ ва чўққиларда ўрнатилган пешлавҳалар ҳамда ахборот кўрсаткичларидаги ёзувлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши таъминланади. Аввалроқ ҳукумат қарорлари билан темирйўл бекатлари, аэропортлар, автотранспорт инфратузилмалари ҳамда сув объектлари номлари давлат тили талабларига мослаштирилгани эълон қилинган эди. 2026 йилдан бошлаб эса янги қуриладиган турар жой мажмуаларига фақат ўзбек тилидаги номлар берилиши мажбурий бўлади.


