Ўзбекистонда 20 ноябрдан буён «Хавфсиз ва соғлом мамлакат» кенг қамровли операцияси давом этмоқда. Сўнгги 15 кун ичида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 7 мингдан ортиқ рейдлар ўтказилиб, 1200 дан ортиқ жиноят фош этилди, 800 га яқин жиноят иши қўзғатилди ҳамда 200 дан ортиқ шахс қамоққа олинди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 4000 га яқин фуқаро мажбурий даволанишга юборилган, 36 мингдан ортиқ фуқаро соғломлаштириш марказларига, 300 дан ортиғи реабилитацияга жалб қилинган.
Рейдларнинг асосий йўналишини гиёҳванд моддалар муомаласига қарши кураш ташкил этади. Операциянинг дастлабки 15 кунида 240 килограммдан ортиқ ноқонуний модда мусодара қилинди. Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, ушбу йўналишда қўшни давлатлар билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.
Профилактика ишлари ҳам кучайтирилган бўлиб, мактаб ва маҳаллаларда ўқув машғулотлари ўтказилмоқда, ёшларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, видеокузатув тизими кенгайтирилиб, 1700 дан ортиқ объект қўшимча равишда камералар билан жиҳозланмоқда.
Мутасадди органлар мазкур операциянинг асосий мақсади ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва жиноятчиликни камайтириш эканини қайд этмоқда.


