Ўзбекистонда экологик меъёрларга жавоб бермайдиган 2 мингдан ортиқ автомобиль ҳайдовчиларига нисбатан чоралар кўрилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
2025 йил 10 августдан 10 сентябргача республика бўйлаб “Тоза ҳаво” ойлигининг иккинчи босқичи ўтказилмоқда. Тошкент шаҳрида эса бу жараён 10 сентябрдан 10 октябргача давом этади. Тадбир Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунлар талабларини бажариш мақсадида амалга оширилмоқда.
Акциянинг мақсади — автотранспорт воситаларининг экологик ҳолатини ва улардан чиқадиган зарарли ташламаларнинг белгиланган меъёрларга мувофиқлигини текшириш орқали давлат экологик назоратини кучайтиришдир.
Эслатиб ўтамиз, акциянинг биринчи босқичи 2025 йил 10 апрелдан 10 майгача ўтказилган эди. Унда замонавий ўлчаш воситалари ёрдамида 251 858 та автомобиль текширилиб, 2 222 та транспорт воситасида меъёрлардан четга чиқиш ҳолатлари аниқланди. Бу умумий текширилганларнинг 0,9 фоизини ташкил этди. Ҳар бир ҳолат бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Иккинчи босқич мамлакатдаги атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, транспорт воситаларининг техник ҳолатининг экологияга таъсирини камайтириш ва жамоатчиликда экологик масъулиятни оширишга хизмат қилади.


