1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Ўзбекистонда 2 йилда 47 та полигон рекултивация қилинди, 243 гектар ер табиий ҳолатига қайтарилди

2030 йилгача полигонлар сони 50 фоизга камайтирилади; 9 ҳудудда чиқиндиларни термик қайта ишлаш лойиҳалари амалга оширилади.

Ўзбекистонда 2 йилда 47 та полигон рекултивация қилинди, 243 гектар ер табиий ҳолатига қайтарилди

 

27 ноябрь куни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов иштирокида брифинг ўтказилди. Тадбирда чиқиндиларни бошқариш, экологик-санитария хавфсизлигини таъминлаш ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича ҳолат таҳлил қилинди.

 

Брифингда таъкидланганидек, 2024–2025 йилларда республикада 47 та маиший чиқинди полигони рекултивация қилиниб, 243 гектарга яқин ер табиий ҳолатига қайтарилди. Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида чиқинди полигонларига 2,6 млн тонна чиқинди қабул қилинди ва қабул имконияти кунлик 13 минг тоннагача оширилди. Шу билан бирга, 22 та махсус техника лизинг шарти билан харид қилиниб, ҳудудий полигонларга етказилди, техника сони 333 тага етказилди, 218 та техникага GPS қурилмалари ўрнатилди.

 

Агентлик томонидан чиқинди полигонлари атрофида 1,2 млн туп дарахт ва бута экилиб, ички йўллар шағаллаштирилди, ариқ ва лотоклар тозаланди. “Тозалик ва озодалик” ойлиги доирасида жами 422 минг тоннадан ортиқ чиқинди тозаланди. Шу билан бирга, ҳудудларда 448 мингта ҳуқуқбузарлик аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.

 

Келгусида 2030 йилгача маиший чиқинди полигонлари сони камида 50 фоизга қисқартирилади. Шунингдек, 9 та ҳудудда чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. Бу лойиҳалар натижасида йилига 2 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши ва 1400 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

 

Агентлик томонидан санитар тозалаш корхоналари фаолияти мониторинг қилиниб, рейтинг тизими жорий этилди. Жорий йилнинг апрель-ноябрь ойларида 105 та корхона баҳоланди: 41 таси “яшил”, 53 таси “сариқ”, 11 таси “қизил” тоифага киритилди. Қоидаларни бузган корхоналар билан чора кўрилди ва шартномалар бир томонлама бекор қилиниши мумкинлиги маълум қилинди.

 

Брифинг якунида Шарифбек Ҳасанов Агентлик томонидан чиқиндиларни бошқариш ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича изчил ишлар давом эттирилаётганини таъкидлади.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика