«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, эртага 26 август куни республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Россиянинг жанубий ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массаларининг кириб келиши бошланади. Натижада Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Республиканинг қолган ҳудудларида эса 26 августда қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, ҳарорат 33-36 даража атрофида бўлади.
Россиядан кириб келган нам ва салқин ҳаво массалари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини 27-28 август кунлари тўлиқ қамраб олади. Натижада барча жойларда булутлилик кучайиши кутилмоқда, республиканинг кўпчилик вилоятларида баъзи жойларда вақти-вақти билан момақалдироқ билан ёмғир ёғади. Кундузги ҳаво ҳарорати 23-28 даражагача пасаяди. Кечаси ва эрталаб ҳаво бироз салқинлашади. Ҳарорат 28 августга келиб, кечаси 13-16 даражагача пасаяди.
Ушбу кунларда шамол тезлиги 17-22 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда, баъзи жойларда 23-25 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.
Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида об-ҳавони ўзгариши сезиларли бўлади, бу ҳудудларда 27-28 август кунлари баъзи жойларда кучли ёмғир ёғиб ўтади.
Кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши ҳисобига республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 27-29 август кунлари сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.


