Рақобат қўмитаси қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни тарғиб қилувчи веб-сайтларни доимий равишда ўрганиш ва таҳлил қилиш ишларини олиб бормоқда. Ушбу ишлар реклама соҳасидаги қонунбузилишларни аниқлаш ва тезкор чора кўришга қаратилган.
Тегишли ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик асосида, боокмакерлик хизматларига оид рекламани тарғиб қилувчи веб-сайтларга киришни чеклаш (блоклаш) чоралари амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида олиб борилган ишлар натижасида, умумий ҳисобда 86 та сайт текширувдан ўтказилган бўлиб, шундан 70 га яқин сайт белгиланган тартибда блокланган.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуни 46-моддасига мувофиқ, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларнинг рекламасига қатъий тақиқ қўйилган.
Рақобат қўмитаси томонидан бу йўналишдаги мониторинг ишлари тизимли равишда давом эттирилади ва аҳолига хавфсиз реклама муҳитини таъминлашга қаратилади.


