Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19 ноябрдаги қарорига мувофиқ, мамлакатда атроф-муҳит мониторинги тизими янада кучайтирилмоқда. Қарорга кўра, атроф-муҳитга салбий таъсири бўлган I ва II тоифага кирувчи саноат корхоналари 2026 йил 1 мартгача фон мониторинги станцияларини ўз биноларида ўрнатиши шарт.
Мониторинг станциялари Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси қошида ташкил этилаётган Атроф-муҳит мониторинги миллий маркази билан интеграциялашган бўлиши лозим. Ушбу чоралар корхоналарнинг атроф-муҳитга таъсирини реал вақт режимида кузатиш ва назорат қилиш имконини беради.
Талабларга риоя қилмаган корхоналар учун атроф-муҳитга етказилган зарарни қоплаш тўловлари беш баравар оширилади, бу эса экологик интизомни мустаҳкамлаш ва зарарли фаолиятни камайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, мамлакатда 2026 йил 1 сентябргача Ягона онлайн-экологик платформа ишга туширилади. Бу платформа орқали экологик вазият тўғрисидаги барча маълумотлар марказлаштирилган ҳолда йиғилади ва мониторинг қилинади.
Маълумотнома учун, Фон мониторинги станцияси — бу атроф-муҳит ифлосланишини тизимли равишда ўлчаш ва назорат қилиш учун махсус мўлжалланган кузатув пункти бўлиб, у маҳаллий антропоген (инсон) таъсиридан минимал даражада таъсирланган ҳудудларда жойлаштирилади.


