Ўзбекистонда пиротехника буюмларининг муомаласини тартибга солувчи янги қонун қабул қилинди. 13 январ куни “Пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида”ги қонун тасдиқланиб, пиротехника воситаларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва улардан фойдаланишнинг аниқ тартиби белгиланди.
Қонун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра пиротехника буюмлари пиротехник таркибнинг ёниши ёки портлаши натижасида оптик, акустик, электр ва бошқа визуал эффектларни ҳосил қилишга мўлжалланган қурилмалар ҳисобланади.
Ҳужжатда пиротехника буюмлари хавфлилик даражасига қараб I дан V синфгача таснифланган. Бунда хавфлилик зонаси ҳамда атроф-муҳит ва инсон саломатлигига етказилиши мумкин бўлган зарар даражаси асосий мезон сифатида белгиланган.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида фақат хавфлиликнинг I синфига кирувчи пиротехника буюмларини жисмоний ва юридик шахслар томонидан ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиб кириш, ташиш, сотиш, сотиб олиш, сақлаш ва қўллашга рухсат этилади. Мазкур тоифадаги пиротехника воситалари нисбатан хавфсиз деб баҳоланади.
Шу билан бирга, хавфлиликнинг II–V синфларига мансуб пиротехника буюмларини ишлаб чиқариш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, ташиш, жўнатиш, сотиш, сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Ушбу чеклов аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган.
Пиротехника буюмларининг муомаласи устидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, ички ишлар ва божхона органлари томонидан амалга оширилади. Мазкур идоралар қонун талабларига риоя этилиши устидан мониторинг олиб боради.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.


