Бугун, 12 декабрь куни “Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, истеъмолчиларнинг автобензин маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини ўз вақтида таъминлаш, уларнинг нархларини барқарорлаштириш ҳамда аҳолининг ортиқча сарф-харажатларини қисқартириш мақсадида Энергетика вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартга қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган AI-80 русумли автобензин маҳсулоти учун, истисно тариқасида, акциз солиғини “ноль” ставкада қўллаш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 апрелга қадар Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда Электр энергетикада назорат инспекцияси томонидан, истисно тариқасида, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишмасдан тадбиркорлик субъектларини уларнинг молиявий-иқтисодий фаолиятига аралашмаган ҳолда энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари бўйича текширишга рухсат берилади.
Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда Электр энергетикада назорат инспекцияси ўтказиладиган текширувлар натижалари бўйича автобензин маҳсулотларининг ортиқча йўқотишларига ва талон-торожликларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жазо чораларини қўллаш, шунингдек, уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдимномалар киритиб борилади.


