Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда 177 104 нафар фуқаро вафот этган. Мазкур кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 2 700 тага кўп.
Қайд этилишича, вафот этганларнинг 55,1 фоизи эркаклар (97,5 минг нафар), 44,9 фоизи аёллар (81,4 минг нафар) ҳиссасига тўғри келади. Ўлим ҳолатларининг 54,1 фоизи шаҳар, 45,9 фоизи қишлоқ аҳолиси орасида қайд этилган.
Таҳлилларга кўра, қон айланиш тизими касалликлари мамлакатда ўлимнинг асосий сабаби бўлиб қолмоқда. 2025 йилда ушбу касалликлар оқибатида 104 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмган. Шунингдек, неоплазмалар, нафас олиш йўллари ҳамда бошқа касалликлар ўлим сабабларида кейинги ўринларни эгаллаган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўлим кўрсаткичлари Самарқанд (19 670), Фарғона (18 695) ва Тошкент вилояти (16 984) да қайд этилган. Тошкент шаҳрида эса йил давомида 16 926 нафар фуқаро вафот этган. Энг паст кўрсаткичлар Сирдарё (4 624) ва Навоий (4 781) вилоятларига тўғри келади.
Шу билан бирга, мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги ошиб бормоқда. Агар 1991 йилда бу кўрсаткич 66,4 ёшни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб 75,1 ёшга етган. Ҳукумат 2030 йилга бориб ўртача умр кўришни 78 ёшга етказишни мақсад қилган.


