Ўзбекистонда фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда давлат идоралари фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Мазкур тартибга кўра, давлат органлари, давлат муассасалари, давлат улуши мавжуд ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолиятини баҳолаш ва таснифлаш механизми белгиланди. Ушбу тизим, аввало, Президентнинг виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини аниқлашга қаратилган.
Қарорга мувофиқ, мурожаатлар билан ишлаш жараёнида қуйидаги кўрсаткичлар таҳлил қилинади:
рўйхатдан ўтказилган мурожаатлар сони;
ижобий ҳал қилинган мурожаатлар;
рад этилган мурожаатлар;
белгиланган муддат бузилган мурожаатлар;
такрор келиб тушган мурожаатлар.
Таҳлил натижалари асосида давлат органлари фаолияти уч тоифага ажратилади:
яшил тоифа – юқори самарадорлик;
сариқ тоифа – ўртача натижа;
қизил тоифа – паст самарадорлик.
Шунингдек, баҳолаш натижалари асосида давлат хизматчилари учун КПИ кўрсаткичлари белгиланади. Унга кўра, яшил тоифадаги ташкилотлар учун кўрсаткич 100 фоиз, сариқ тоифа учун 50 фоиз, қизил тоифа учун эса 10 фоиз этиб белгиланади.
Алоҳида қайд этилишича, фаолияти «қизил» тоифага тушган давлат идоралари раҳбарлари ёки уларнинг ўринбосарларига нисбатан интизомий чоралар қўлланиши мумкин.


