Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, давлат органлари ходимларининг коррупцияга қарши барқарорлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади. Ушбу тизим “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжатда белгиланган.
Фармонга кўра, диагностика қуйидаги тартибда ўтказилади:
- 2026 йил 1 январдан — коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг раҳбар ва масъул ходимлари ҳамда ушбу лавозимларга номзодлар;
- 2026 йил 1 июндан — соҳалар назоратига масъул инспекцияларда коррупциявий хавф-хатар даражаси “юқори” ва “ўрта” бўлган лавозимларда фаолият юритаётган ходимлар ва номзодлар;
- 2027 йил 1 январдан — бошқа давлат органларида коррупциявий хавф-хатар даражаси “юқори” ва “ўрта” бўлган лавозимларда ишлаётган ходимлар ва номзодлар.
Диагностикани Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг буюртмаси билан Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази амалга оширади. Натижалар асосида ходимнинг коррупцияга барқарорлик даражаси “паст” деб баҳоланса, у ушбу лавозимда фаолият юритишда давом эта олмайди ва бошқа лавозимга ротация қилинади.
Шунингдек, Фарғонада 2026 йил 1 январдан “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақомидаги 33 та ҳудуд ҳокимликларида натижага асосланган бошқарув тизими синов тариқасида жорий этилади. Шу кунда кадрлар ротацияси тизими ҳам йўлга қўйилади: туман ва шаҳар бўлинма раҳбарлари, ҳоким ва унинг ўринбосарлари ҳар 5 йилда бошқа туман ёки шаҳарга ротация қилинади.
Бу чора-тадбирлар давлат бошқарувидаги шаффофликни ошириш, коррупцияга қарши барқарорликни таъминлаш ҳамда кадрлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.


