2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда экология соҳасидаги қоидабузарликлар учун молиявий санкциялар фақат юридик шахсларга нисбатан қўлланади. Бу тартиб Президентнинг 18 ноябрь куни имзоланган қарорида белгиланди.
Унга кўра, экологик қоидабузарлик содир этилган тақдирда жаримани компаниянинг ўзи тўласа, ушбу ҳолат учун ходимлар алоҳида жавобгарликка тортилмайди. Бироқ жарима тўланганлиги ёки огоҳлантириш берилганлиги юридик шахсни Миллий экология қўмитаси талаблари ва бошқа мажбурий нормаларни бажармасликдан озод қилмайди.
Юридик шахсларга нисбатан молиявий санкция қўлланадиган экологик ҳуқуқбузарликлар қуйидагилардан иборат:
- дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш тартибининг бузилиши;
- сув ресурсларини муҳофаза қилиш қоидаларига амал қилмаслик;
- дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш ёки йўқ қилиш, shuningdek уларни асраш чораларини кўрмаслик;
- атмосферага зарарли моддаларни чиқариш;
- қурилиш объектларида ҳаво муҳофазаси талабларини бузиш;
- ёқилғи, хомашё ёки чиқиндиларни ёқиш стандартларини бузиш;
- чиқиндиларни бошқариш тартиб-қоидаларига риоя қилмаслик.
Шунингдек, аввалроқ Ўзбекистонда Давлат экологик назорат инспекцияси — атроф-муҳит полицияси фаолияти йўлга қўйилгани маълум қилинган эди. Инспекция ходимларига жисмоний куч қўллаш, электр токи берувчи воситалар, резина ўқлар ва тўрли қуроллардан фойдаланиш каби ваколатлар берилган.


