Ўзбекистонда 2026 йил 24 январь куни электр энергияси суткалик истеъмоли бўйича мутлақ рекорд янгиланди. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, кичик қувватли қуёш генерациясини ҳисобга олмаганда, бир кунда 283 миллион кВт соат электр энергияси сарфланган. Бу кўрсаткич аввалги рекорддан сезиларли даражада юқори.
Таққослаш учун, 2025 йил 11 январь куни қиш мавсумидаги энг юқори суткалик истеъмол 271,8 миллион кВт соатни, ёзда эса — июль ойида — 272,6 миллион кВт соатни ташкил этган эди. Ўтган шанба куни қайд этилган янги кўрсаткич мамлакат энергетика тизими юкламасининг кескин ошганини кўрсатади.
25 январь куни электр станцияларида жами 264,2 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, бу режа кўрсаткичидан 103 фоизга кўп бўлди. Аҳоли ва истеъмолчиларга етказиб берилган электр ҳажми ҳам 246,9 миллион кВт·соатни ташкил этиб, белгиланган режадан ошиб кетди. Шу билан бирга, сутка давомида 144,7 миллион куб метр табиий газ истеъмол қилинган.
Энергетика вазирлиги, шунингдек, суюлтирилган газ етказиб бериш ҳажми ҳам режадагидан юқори бўлганини билдирди. Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари учун 2 300 тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилди. Электр ва газ тармоқларида юзага келган носозликлар тезкор бартараф этилиб, тизимда 24/7 режимида мингдан ортиқ махсус бригадалар узлуксиз фаолият олиб бормоқда.


