Ўзбекистонда стартап экотизимини ривожлантиришга қаратилган янги механизмлар жорий этилади. Бу “Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–59-сон, 2026 йил 11 февраль) билан белгиланди.
Қарорга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ўрта махсус ва касбий таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда умумий ўрта таълим мактабларининг 9–11-синф ўқувчилари учун ҳар ой камида икки маротаба стартап ғояларини яратишга ўргатувчи “Моҳирлик ва бизнес соати” тадбирлари ўтказиб борилади.
Мазкур ташаббус доирасида:
- ўқувчилар ўртасида “Энг яхши стартап ғояси” танлови ташкил этилади. Туман босқичи ғолибларига 5 млн сўмгача, вилоят босқичи ғолибларига эса 10 млн сўмгача мукофот берилади;
- стартап лойиҳалари ҳар чоракда ота-оналар, бизнес ва илмий ҳамжамият вакилларига тақдим этилади;
- маркетпласе платформалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, таълим муассасаларида яратилган маҳсулотларни сотиш тизими жорий этилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб муаммо ва масалаларни краудсорсинг асосида ҳал қилиш тизими жорий этилади. Унга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари ечим талаб қиладиган муаммолар бўйича электрон платформаларда танловлар эълон қилади ҳамда ҳар ой стартап ташаббускорлари билан “Стартап куни” учрашувларини ўтказади.


