Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб кузатув кенгаши аъзоларидан иборат бир қатор қўмиталар — Стратегия ва инвестисиялар қўмитаси, Аудит қўмитаси, Тайинловлар ва ҳақ тўлаш қўмитаси, Коррупсияга қарши курашиш ва этика қўмитаси ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида”ги фармонида кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари бошқарув органларининг фаолияти самарадорлигини, масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида 2022 йил 1 апрелдан кейин ижро органи раҳбари сифатида тайинланган (қайта тайинланган) шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ ижро органи раҳбари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.