14 август куни эълон қилинган президент фармонига кўра, Ўзбекистонга олиб келинган фаластинликларни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус жамғарма ташкил этилади. 2024 йил 26 декабрда Рафаҳдан эвакуация қилинган 100 нафар яраланган аёл ва бола мамлакатдаги шифохона ҳамда реабилитация марказларига жойлаштирилган, тиббий ёрдам ва дори-дармонлар билан таъминланган эди.
Фармонга мувофиқ, меҳмонларга яшаш нафақаси, ижара харажатларини қоплаш, бир марталик моддий ёрдам, бепул таълим ва касб-ҳунар курслари каби ижтимоий имтиёзлар берилади. Маҳалла даражасида “маҳалла еттилиги” ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари меҳмонларнинг мослашув жараёнида бевосита ёрдам кўрсатади. Шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш учун касб-ҳунар ўқишлари ва тадбиркорлик дастурларида иштирок этиш имконияти яратилади.
Махсус жамғарма юридик ва жисмоний шахсларнинг хайриялари, халқаро ташкилотлар грантлари ҳамда қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади. Маблағлар Республика комиссияси қарорига биноан очиқ ва мақсадли сарфланади, жумладан, уй-жой, тиббий хизмат, таълим ва бошқа ижтимоий ёрдамларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Ўзбекистон раҳбарияти Фаластиндаги инқирозни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини таъкидлаб келмоқда. Мамлакат бундан аввал ҳам гуманитар ёрдам сифатида 1,5 миллион доллар ажратган ва халқаро ҳамжамиятни ўт очишни тўхтатиш ҳамда тинчлик музокараларини бошлашга чақирган.


