Жорий йил февраль ойи охиригача давлат томонидан харид қилинган 520 минг доза гриппга қарши вакцина ҳудудларга етказилиб, МТТ тарбияланувчиларини эмлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Мутахассислар таъкидлашича, мактабгача ёшдаги болалар грипп вирусига нисбатан энг ҳимоясиз қатламлардан бири ҳисобланади. Болалар жамоа муҳитида кўп вақт ўтказгани сабабли вирус тез тарқалиши мумкин.
Эмлаш ишлари, аввало, болаларда пневмония, бронхит, отит каби оғир асоратларнинг олдини олишга, шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларида оммавий касалланиш ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, мутахассислар грипп вируслари февраль–март ойларида ҳам фаол айланишда бўлишини қайд этмоқда. Эмлашдан кейин одатда 10–14 кун ичида организмда иммунитет шаклланади ва бола мавсум охиригача ҳимояланиши мумкин.
Эмлаш жараёнлари тиббий кўрик асосида амалга оширилади. Шифокорлар томонидан соғлом деб топилган болалар гриппга қарши эмланади.


