Ўзгидрометнинг янгиланган прогнозига кўра, аввалроқ 24 ноябрда пасайиши айтилган ҳаводаги хавфли инверсия жараёни ҳали давом этади ва келаси ҳафтанинг охиригача, яъни ноябрь ойининг якунигача сақланиб қолади. Бу ҳолат шаҳарлардаги туманни «қамаб», ифлосланиш даражасини юқорилигича ушлаб турмоқда.
Мутахассислар ҳаво сифатининг ёмонлашувига бир вақтнинг ўзида бир нечта табиий омиллар — ҳарорат инверсияси, ёғингарчиликнинг йўқлиги ва қурғоқчилик сабаб бўлаётганини қайд этди. Ҳароратнинг кескин ўзгариши ҳаво қатламларининг аралашишига тўсқинлик қилгани боис ПМ2.5 каби майда заррачалар атмосферада тўпланмоқда. 23 ноябрь куни Тошкентда ПМ2.5 меъёрдан 3 баравар юқори бўлгани қайд этилди.
Агентликка кўра, кузатилаётган вазият табиий ва мавсумий бўлиб, у ҳаво массалари алмашганда, шамол кучайганда ёки ёғингарчилик кузатилгандагина юмшашни бошлайди. Шу кунларда ҳаво сифати кун давомида кескин ўзгариши, баъзи пайтларда эса хавфли даражада қолиши мумкин.
Ўзгидромет аҳолига эҳтиёт чораларини кучайтиришни тавсия қилди: очиқ ҳавода узоқ вақт қолмаслик, имкон қадар ташқи фаолиятни қисқартириш ва ташқарига чиққанда ниқоб тақиш тавсия этилади.


