1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Ўзбекистонда илк бор давлат олий таълим муассасида Профессорлар кенгаши жорий этилмоқда

Мазкур тартиб-таомилнинг ўрнатилиши олий таълим муассасаси бошқарувида профессор-ўқитувчиларнинг ролини ошириш, муҳим қарорларини қабул қилишда коллегиал бошқарувни жорий қилишга хизмат қилади.

Ўзбекистонда илк бор давлат олий таълим муассасида Профессорлар кенгаши жорий этилмоқда

Халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш, юридик таълим, илм-фан ва амалиётнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида 2025 йил 26 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-232-сонли Фармон қабул қилинди.

 

Ушбу Фармон белгилаб берган бир қатор илғор янгиликлардан бири – бу Тошкент давлат юридик университетида Университет профессорлар кенгаши (Senate of Professors)ни  ташкил қилиш бўлди. Мазкур тартиб-таомилнинг ўрнатилиши олий таълим муассасаси бошқарувида профессор-ўқитувчиларнинг ролини ошириш, муҳим қарорларини қабул қилишда коллегиал бошқарувни жорий қилишга хизмат қилади.

 

Олий таълим муассасаси бошқарувида Университет профессорлар кенгашининг фаолияти хорижий мамлакатларда ижобий тажрибага эга бўлиб, шундай тузилмани яратиш миллий илмий доираларимизда анчадан бери муҳокама қилиниб келаётган масалалардан бири эди. Профессорлар кенгашини жорий этишдан мақсад олий таълим муассасаси бошқарувида менежерлик моделини чеклаб, академик бошқарувни йўлга қўйишдир.

 

Президентимизнинг Фармони билан мазкур бошқарув органи илк бор Тошкент давлат юридик университетида шакллантирилиши белгиланди. 

 

Профессор-ўқитувчиларнинг олий таълим тизимидаги масъулияти ва таъсирини ошириш мақсадида Фармон билан Университет профессорлар кенгашига қуйидаги ваколатлар берилди:

  • Университетни узоқ ва ўрта муддатли стратегик ривожлантириш дастурини тасдиқлаш;
  • халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг юқори ўринларидан жой олиш бўйича мақсадли чораларни белгилаш;
  • ҳуқуқ соҳасидаги долзарб илмий тадқиқотларнинг, илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш;
  • академик ҳалоллик ва тадқиқот этикаси стандартларини тасдиқлаш;
  • ваколатлари доирасидаги масалаларни кўриб чиқиш учун ўз таркибида қўмиталар тузиш ва уларнинг аъзоларини сайлаш.

 

Мазкур ҳуқуқий норма ўта муҳим аҳамиятга эга. Зеро, давлат олий таълим муассаларининг профессор-ўқитувчилари бугунги кунда муҳим қарорлар қабул қилишдан четлаштирилган. Ваҳоланки, айнан профессор-ўқитувчилар таълим сифати ва илмий ишлар савияси учун масъул шахслар бўлиб ҳисобланадилар. Етакчи хорижий университетлар олий ўқув юртининг мустақиллиги, бандлик кафолати, академик эркинлик ва олий ўқув юрти ички демократияси  тамойиллари асосида фаолият юритадилар.

 

Масалан, Финляндиянинг Хелсинки университетида университет сиёсати, академик мустақиллик ва фанлараро ҳамкорликни муҳокама қилиш ва ривожлантиришда иштирок этадиган профессорлардан ташкил топган академик орган - Олий Сенат (Great Senate) мавжуд.

 

Франция давлатининг Таълим кодексида олий таълим муассасасида ташкил этиладиган ҳамда ўз таркибига иккита - Илмий тадқиқотлар комиссияси ҳамда Таълим ва университет ҳаёти комиссиясини олган Академик кенгаш фаолияти қонун даражасида тартибга солинган. Мазкур комиссиялар тарикибига маъмурий, илмий ходимлар билан бирга профессор-ўқитувчилар ҳам киритилиб, уларнинг ўрни салмоқлидир. Мисол учун,  Илмий тадқиқотлар комиссиясининг 60 дан 80 % гача таркиби олий таълим муассасасида меҳнат қилаётган шахслар, шулардан камида ярми профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотларга раҳбарлик қилиш ваколатига эга шахслардан шакллантирилади.

 

   Тошкент давлат юридик университетида Профессорлар кенгаши камида 9 нафардан  иборат бўлган тажрибали профессор-ўқитувчилардан ташкил этилади. Мазкур коллегиал бошқарув органи аъзолари 5 йил муддатга сайланади ва бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ Кенгаш аъзоси этиб сайланиши мумкин эмас. Мазкур тартиб Кенгаш фаолиятида изчилликни сақлаган ҳолда янгиланиш ва ошкоралик тамойилларининг таъминланишига хизмат қилади.

 

Университет профессорлар кенгаши аъзолигига сайланиш учун номзодлар  юриспруденция соҳасининг етук мутахассислари, юқори маънавий фазилатларга эга, зарур билим ва амалий тажрибага эга бўлган ҳамда ўз касбий фаолиятида юксак натижаларга эришаётган шахслар бўлиши  ҳамда қуйида кўрсатилган талаблардан бирига жавоб бериши лозим:

 

- университетда камида 25 йиллик илмий-педагогик стажга эга, университет тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган профессор-ўқитувчилар;

 

- нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг ТОП–300 рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларида PhD ёки унга тенглаштирилган илмий даражани олган мутахассислар;

 

- давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизматлари билан ажралиб турган номзодлар (университет ректори тавсияси асосида).

 

Сайлов жараёнини ташкил қилиш учун Университетда сайлов комиссияси шакллантирилиб, у Университет профессорлар кенгаши аъзолигига номзодларнинг ҳужжатларини сайловга камида ўн беш кун қолгунга қадар қабул қилади. Сайлов академик шўбалар ва тадқиқот марказлари вакилларининг мажлисида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ушбу мажлис Университет сайлов комиссияси томонидан чақирилади ва унда вакилларнинг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, у ваколатли ҳисобланади.

 

    Шубҳасиз, Университет профессорлар кенгашининг ташкил қилиниши олий таълим муассасасида ички демократиянинг мустаҳкамланишида муҳим қадам бўлиб ҳисобланади. Шу билан бирга, таъкидлаш ўринлики мазкур Кенгаш шунчаки формал тузилма бўлиб қолмаслиги лозим. Бугунги кунда Кенгаш фаолиятидан кутилаётган асосий натижалар академик бошқарув (илм-фан ва таълимнинг стратегик йўналишларини белгилаш), илмий бошқарув (ҳуқуқ соҳасидаги соҳасидаги долзарб илмий тадқиқотларнинг, илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, академик ҳалоллик ва тадқиқот этикаси стандартларини тасдиқлаш) ҳамда халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида юқори ўринлардан жой эгаллаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларни мақсадли тарзда йўлга қўйишдан иборат. Фикримизча, Кенгашга қўйилаётган ҳар бир масала, ҳар бир муаммо атрофлича ўрганилиши, уни ҳал қилишнинг асосий ва муқобил йўллари таҳлил қилиниши ва шундан кейингина қарор қабул қилиниши лозим. Зарур билим, тажриба, илмий ёндашувларга асосланиб қабул қилинган қарорларгина университет ҳаётини янги босқичга кўтариши мумкин.

 

Кенгашга сайлов жорий йилнинг 5 февраль куни бўлиб ўтади. Сайлов жараёнида университет жамоасининг деярли барча аъзолари - профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар иштирок этиши белгиланган. Яъни ҳар бир академик шўба ва тадқиқот марказидан 2 нафардан, асосий штатда фаолият юритувчи профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар орасидан вакиллар шакллантирилади ва улар сайлов жараёнида бевосита иштирок этадилар.

 

Профессорлар кенгаши университет маъмурияти ҳамда илмий-педагогик жамоа ўртасидаги манфаатлар мувозанатини таъминлаб берувчи тузилма бўлишига тилакдошмиз.

 

Султанова Сабохат, ТДЮ Тадқиқот маркази илмий ходими, ю.ф.ф.д. (PhD)

 

 

 

 

 

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика