Ўзбекистон меҳнат бозорида иш қидираётган фуқаролар ва ходим излаётган корхоналар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ягона рақамли платформа ишга туширилади. Мазкур ташаббус Президентнинг 2025-йил 4-августдаги фармонида белгиланиб берилган.
Янги портални яратиш ва бошқариш Бандлик вазирлигига юклатилади. Жараён “Лойиҳа гуруҳи” томонидан амалга оширилади, гуруҳ таркибига рекрутерлар билан ҳамкорлик қиладиган мутахассислар жалб этилади.
Платформа орқали иш берувчилар бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни жойлаштиради, талабгорлар эса ўз резюмеларини тақдим этади. Бандлик вазирлиги мутахассислари келиб тушган аризаларни таҳлил қилиб, мос номзодларни иш берувчиларга тавсия этади. Якуний қарор эса суҳбат натижаларига кўра иш берувчи томонидан қабул қилинади.
Хизматдан фойдаланиш бепул бўлиб, дастлаб Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга туширилади. Кейинчалик платформа босқичма-босқич республика миқёсида татбиқ этилади.


