Жидда шаҳрига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовнинг расмий сафари доирасида қатор муҳим учрашувлар ўтказилди. Ушбу сафар Президент ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бой маданий-маънавий меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш, илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилди.
Сафар доирасида Фирдавс Абдухолиқов Жидда шаҳрида Ислом санъати музейи директори Мамдуҳ Усмон билан учрашув ўтказди. Учрашувда Марказ фаолияти, унинг асосий мақсад ва вазифалари, ислом цивилизациясининг илмий, тарихий ҳамда маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Томонлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, олиб борилаётган ишларни юксак баҳоладилар.
Шунингдек, музокаралар давомида қўшма кўргазмалар ташкил этиш, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, халқаро анжуманлар ўтказиш, шунингдек, мутахассислар ва тадқиқотчилар ўртасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ҳамкорликнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ўзаро фикр алмашдилар.
Музокаралар якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Цивилизациялар альянси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат цивилизациялар ўртасида мулоқотни мустаҳкамлаш, маданий бағрикенгликни тарғиб этиш ҳамда ислом цивилизацияси меросини жаҳон ҳамжамиятига кенг етказишга хизмат қилиши таъкидланди.
Томонлар ушбу учрашувлар икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини қайд этиб, келгусида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.


