Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан маъмурий чоралар ва уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблиги ўрганилди.
Бугунги кунда маъмурий жарималар миқдорини белгилаш механизмларининг йўқлиги содир этилган ҳуқуқбузарликка номутаносиб бўлган жарима солинишига сабаб бўлмоқда. Ушбу йўналиш тартибга солинмаганлиги боис манфаатдор давлат органлари томонидан жарималар миқдорини қайта кўриб чиқишга доир қонун лойиҳаларини ташаббускорлик билан ишлаб чиқиш ҳолатлари кўпайиб кетди.
Масалан, автомобиль ойналарини рухсатномасиз қорайтирганлик учун назарда тутилган 8,5 млн сўмлик жарима белгиланганда, рухсатноманинг нархи 11-13 млн сўм бўлган. Бугунги кунда рухсатнома 2,7 млн сўм этиб белгиланган, аммо жарима миқдори эса ўзгаришсиз қолмоқда.
Маълумот учун, Қозоғистонда автомобиль ойнасини қорайтирганлик учун ўрнатилган жарима 468 минг сўмни, Россияда – 60 минг сўмни, Беларусда – 138 минг сўмни ташкил қилади.
Таъкидланишича, фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлиги билан боғлиқ қоидабузарликлар автомобиль ойналарини рухсатномасиз қорайтириш учун белгиланган жарималардан устуворлик жиҳатидан муҳимроқ ҳисобланади.
Шунингдек, фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита дахлдор бўлган ЙТҲлар учун белгиланган жарималарни қайта кўриб чиқиш ва оғирлаштириш зарур.
Маълумот учун: Германияда пиёдани ўтказиб юбормаганлик учун белгиланган жарима миқдори 1,1 млн сўм, Буюк Британияда – 1,6 млн сўм, Францияда – 1,85 млн сўм, БААда – 1,7 млн сўмни ташкил этади.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор мамлакатларда (Беларус, Латвия, Қозоғистон, Россия, Германия, Италия) маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида «огоҳлантириш» институти жорий қилинган. «Огоҳлантириш» жисмоний ва юридик шахсларнинг соғлиғи, ҳаёти ва мулкига, атроф-муҳитга зарар етказмайдиган ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилади.
Шу муносабат билан Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан қуйидаги таклифлар ишлаб чиқилди:
1) жорий маъмурий жарималар миқдорини уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблигини текшириш;
2) фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи билан бевосита боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорини ошириш масаласини кўриб чиқиш;
3) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс нормаларининг коррупцияга қарши комплекс экспертизасини ўтказиш;
4) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида «огоҳлантириш» институтини киритиш.


