Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 587-сон қарорига мувофиқ, ногиронликни белгилаш тизими тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Ушбу қарор асосида аҳолига қулайлик яратиш, шаффофликни таъминлаш ва инсон омилини камайтириш мақсадида бир қатор янгиликлар жорий этилди.
Эндиликда ногиронликни белгилаш масаласида мурожаатларни нафақат туман марказий поликлиникаларида, балки “Инсон” марказлари, ижтимоий ходимлар, my.gov.uz портали ҳамда оилавий шифокорлар орқали ҳам топшириш мумкин бўлади.
Тажриба-синов даврида (2025 йил 1 апрелдан бошлаб) Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида жами 12,5 минг ариза қабул қилинган. Шундан:
“Инсон” марказлари орқали – 6,5 минг ариза (52,4 фоиз),
Оилавий шифокорлар орқали – 5,9 минг ариза (47,5 фоиз),
Электрон портал орқали – 17 ариза (0,1 фоиз).
Аввал амалда бўлган бир хил мажбурий даволаниш муддати бекор қилиниб, эндиликда беморнинг касаллиги ва ҳолатидан келиб чиқиб индивидуал муддатлар белгиланади. Хусусан:
22 ҳолат (1 фоиз) учун – 30 кун,
201 ҳолат (8 фоиз) учун – 60 кун,
237 ҳолат (10 фоиз) учун – 90 кун,
788 ҳолат (33 фоиз) учун – 120 кун,
1 141 ҳолатда (48 фоиз) – даволаниш муддати талаб этилмайди.
Шунингдек, сиртдан ногиронлик белгиланадиган касалликлар рўйхати 48 тадан 60 тага кенгайтирилди.
Янги тартиб асосида ногиронликни белгилашда ягона стандартлар ва электрон тизим жорий этилади. Бу орқали ногиронлик гуруҳи ва муддати, ўзгалар парваришига эҳтиёж, тиббий реабилитация ва протез мосламаларига муҳтожлик ҳақидаги маълумотлар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида автоматик равишда шакллантирилади.
Мазкур тизим дастлаб Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида ишга туширилиб, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб республикaнинг қолган ҳудудларида ҳам жорий этилади.


