Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жорий йил ноябрь ойи якунлари бўйича Ўзбекистон автомобиль бозорининг ҳолатига доир янгиланган таҳлилни эълон қилди.
Марказ маълумотларига кўра, 2025 йил ноябрь ойида автотранспорт воситаларининг барча тоифалари бўйича жами савдолар ҳажми 101,1 минг донани ташкил этган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоизга юқори.
Ҳудудлар кесимида енгил автомобиллар савдосининг энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳрида (+33,7 фоиз) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (+8 фоиз) қайд этилган.
Бирламчи бозорда енгил автомобиллар савдоси йиллик ҳисобда 15 фоизга ошган бўлиб, бу ўтган йилнинг ноябрь ойига нисбатан қарийб 4,4 минг дона кўп автомобиль сотилганини англатади.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар сегментида реализация ҳажми тахминан 30 минг донани ташкил этган ва йиллик ҳисобда 13,6 фоизга ўсган.
Хорижда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси эса 5 минг донага яқин бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,5 фоизга юқори кўрсаткич қайд этилган.
Иккиламчи автомобиль бозорида ноябрь ойида тахминан 52 минг дона фойдаланилган енгил автомобиль реализация қилинган. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоизга камайган.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида фойдаланилган автомобиллар савдоси 1,4 баробарга ошиб, ўтган йил ноябрь ойига нисбатан 3,4 минг дона кўп автомобиль сотилган.
Бундан ташқари, иккиламчи бозорда электромобиллар савдоси йиллик ҳисобда 1,8 баробарга ошгани қайд этилган.


