1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 6,2 млн сўмга етди — Марказий банк

Ҳудудлар кесимида реал иш ҳақи ўсиши Самарқанд, Сирдарё ва Наманган вилоятларида юқори бўлган.

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 6,2 млн сўмга етди — Марказий банк

 

Ўзбекистон Марказий банки 2025 йилнинг III чораги якунлари бўйича меҳнат бозори ҳолатига оид шарҳини эълон қилди. Ҳисоботда иш ҳақи, бандлик ва ташқи пул ўтказмалари бўйича ижобий тенденциялар сақланиб қолаётгани қайд этилган.

 

Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг III чорагида мамлакатда номинал иш ҳақи 19,2 фоизга ошган. Инфляция омиллари ҳисобга олинганда, реал иш ҳақи ўсиши 9,1 фоизни ташкил этган.

 

Ўртача ойлик иш ҳақи 6,2 миллион сўмга етган. Энг юқори даромадлар молия ва суғурта ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларида қайд этилган. Ҳудудлар кесимида реал иш ҳақи ўсиши Самарқанд (14,6 фоиз), Сирдарё (11,1 фоиз) ва Наманган (10,9 фоиз) вилоятларида юқори бўлган.

 

Қайд этилишича, Ўзбекистонда реал иш ҳақи ўсиши Марказий Осиё мамлакатлари ўртача кўрсаткичидан юқори. Сўм курсининг нисбатан барқарорлиги сабабли энг кам иш ҳақи доллар эквивалентида 103 долларни ташкил этган.

 

Бўш иш ўринлари сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,3 фоизга ошган. Ваканцияларнинг энг катта улуши савдо (17,9 фоиз), умумий овқатланиш (17,1 фоиз) ва ишлаб чиқариш (17,0 фоиз) соҳаларига тўғри келган.

 

Шунингдек, III чоракда пул ўтказмалари ҳажми 5,7 миллиард долларга етиб, йилига нисбатан 18,5 фоизга ошган. Россия асосий йўналиш бўлиб қолаётган бўлсада, Болтиқбўйи ва бошқа ривожланган давлатлардан келаётган маблағлар оқими тез суръатларда кўпаймоқда. Бу меҳнат миграцияси йўналишлари диверсификацияланаётганидан далолат беради.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика