Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида республика бўйича 184 нафар шахс пора олиш жиноятини содир этгани учун судланган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда пора олиш жинояти билан 196 нафар шахс судланган бўлиб, уларнинг 135 нафари озодликдан маҳрум қилиниш, 61 нафари эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга (жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки шартли ҳукм) тортилган.
Жорий йилнинг 11 ойида эса 184 нафар шахс ушбу жиноятни содир этгани учун судланган бўлиб, улардан 114 нафари озодликдан маҳрум қилинди, 70 нафари эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга тортилган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддасига кўра, пора олиш – давлат органи, давлат ташкилоти ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг хизмат мавқеидан фойдаланиб, шахсий ёки воситачи орқали моддий қиймат олишни ёки мулкий манфаатдор бўлишни назарда тутади. Пора олган шахс одатда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агар жиноят такроран, хавфли ретсидивист томонидан, кўп миқдорда, тамагирлик йўли билан ёки олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, жазо 5 йилдан 10 йилгача, жуда кўп миқдорда ва уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан қўлланилади.


