8 апрель куни Шри-Ланканинг 8 нафар фуқароси қалбаки Франция ва Италия паспортлари асосида Тошкент-Лондон йўналиши бўйича учмоқчи бўлганида чегара назорати ходимлари томонидан тўхтатилиб, рейсдан қолдирилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Экспертиза хулосасига кўра, чет эл фуқароларидаги 2 та Италия ва 6 та Франция давлатининг паспортлари қалбаки эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент авиация транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 223- (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) ва 228-моддалари (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Тергов натижасига кўра, 8 нафар шахсларга нисбатан айблов эълон қилиниб, жиноят иши кўриб чиқиш учун судга юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг ҳукми билан судланувчиларга тегишли жазолар тайинланган.


