18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳибсда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.
Мазкур ҳужжат тергов ҳибсхоналаридаги шароитларни такомиллаштириш ва амалдаги тартибларни халқаро стандартларга яқинлаштиришга қаратилган.
Қонун лойиҳасида қуйидаги асосий ўзгаришлар назарда тутилмоқда:
Дам олиш ва байрам кунлари очиқ ҳавода сайт қилиш ва машқ қилиш вақти узайтирилади.
Ҳибсда сақланувчиларга ушбу кунларда камида икки соат сайр ва жисмоний машқлар билан шуғулланиш имконияти берилади. Ҳозирги тартибга кўра сайр вақти камида бир соатни ташкил этади.
Молиявий харажатлар лимити кенгайтирилади.
Амалдаги тартибга кўра ҳибсда сақланаётган шахслар харажатларини энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизигача — 635 500 сўмгача сарфлаши мумкин.
Қонун қабул қилинса, бу лимит энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи — 1 271 000 сўмгача оширилади.
Қонун лойиҳаси шунингдек, тергов изоляторларидаги турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган қатор нормаларни белгилайди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманнинг таъкидлашича, мазкур ўзгартиришлар инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади ҳамда миллий қонунчиликни халқаро тажриба ва стандартларга мослаштиришга ёрдам беради.


