АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Республика ОИТСга қарши кураш маркази раҳбарияти ва мутасаддиларининг маълум қилишича, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда ОИТС касаллиги юқишига тўлиқ барҳам бериш мақсад қилинган.
Маълум қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистонда ОИВ касаллагига чалинган одамлар сони 48 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Сўнгги 5 йилда ОИВ инфекциясига текширувлар сони 700 мингдан 3,5 миллионга ёки 5 баробарга ортди. Ҳукумат томонидан дори воситаларини молиялаштириш 80 фоизни ташкил этди.
«Республикамизда ОИВ инфекциясини онадан болага юқишига барҳам бериш учун, ҳар йили бемор оналардан дунёга келаётган (ўртача 600 нафаргача) болаларни қуруқ сут аралашмалари билан узулуксиз таъминоти амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида 99,7 фоиз болалар соғлом бўлишига эришилмоқда», — дейилади хабарда.
Мутассаддиларнинг таъкидлашича, республикадаги беморларнинг 95 фоизида вирус юкламасини паст даражага тушишига 2025 йилгача эришиш ва 2030 йилда эса ОИТС касаллигининг юқишига барҳам бериш мақсад қилиб олинган.


