1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ташкил этилади

Янги тузилма 22 та илмий марказ, 260 та лаборатория ва 2,5 мингдан ортиқ олимларни бирлаштириб, аграр илм-фанни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ташкил этилади

 


Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида илм-фан ва инновацияларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ташкил этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 9 февраль куни ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

 

Янги академия таркибига соҳадаги 22 та илмий марказ, 260 та лаборатория ҳамда 2,5 мингдан ортиқ олим ва илмий ходимлар бирлаштирилади. Ушбу ягона тизим аграр илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш ва инновацияларни амалиётга жорий этишни жадаллаштиришга хизмат қилади.

 

Академия фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида биотехнология ва молекуляр биология, ген инженерияси, гибрид уруғчилик, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, космик ва дрон технологиялари, тупроқ унумдорлигини тиклаш, органик деҳқончилик, озиқ-овқат хавфсизлиги, ветеринария ҳамда рақамли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш белгиланиши режалаштирилмоқда.

 

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирда Тошкент давлат аграр университетида 13,6 минг талаба таҳсил олаётгани, аммо битирувчиларнинг атиги 55 фоизи ўз мутахассислиги бўйича ишлаётгани қайд этилди. Шу боис таълим, илмий тадқиқот ва ишлаб чиқаришни узвий боғлайдиган янги тизим жорий этилади.

 

Келгусида минглаб талабалар агрокластерлар, ишлаб чиқариш корхоналари ва илмий-тадқиқот институтларида амалиёт ўташи режалаштирилган. Бундан ташқари, айрим таълим йўналишларида ўқиш муддати 4 йилдан 3 йилга қисқартирилади, талабалар агродронлардан фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги техникаларини бошқариш бўйича ҳам тайёрланади.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика