Ўзбекистон ҳукумати томонидан солиқ муносабатларини такомиллаштириш, бюджет маблағларидан фойдаланиш очиқлигини ошириш ҳамда солиқ интизомини мустаҳкамлашга қаратилган янги механизмлар жорий этилади. Бу Президент қарорида белгиланган.
2026 йил 1 январдан “Очиқ буджет” порталида жисмоний шахслар томонидан тўланган солиқлар ҳисобидан амалга оширилган харажатларни акс эттирувчи “Жисмоний шахсларнинг солиқлари ҳисобидан харажатлар” модули ишга туширилади. Ушбу модул орқали:
- жисмоний шахснинг муайян даврда тўлаган даромад солиғи, мол-мулк ва ер солиқлари миқдори;
- ушбу солиқлар ҳисобидан давлат бюджетидан молиялаштирилган харажатлар ҳақида очиқ маълумот тақдим этилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 январдан Наманган вилоятида янги солиқ бошқаруви моделини синов тариқасида жорий этиш бошланади. Эксперимент доирасида:
- жисмоний шахслардан ундириладиган мол-мулк ва/ёки ер солиғи бўйича 1 млн сўмдан ортиқ солиқ қарздорлигини ундириш жараёнида электр энергияси учун биллинг тизими механизмидан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилади;
- солиқ органлари фаолиятини инсон омилисиз, автоматик шаклланадиган самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш давом эттирилади.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкларни ижарага беришдан олган даромадлари бўйича тўланган солиқ тўлиқ ҳажмда мулк жойлашган туман ва шаҳарлар маҳаллий бюджетларига йўналтирилади.
Янги механизмга мувофиқ, Ўзбекистонда 1 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарзи мавжуд бўлган фуқароларнинг электр энергияси учун тўловлари чекланади. Ушбу механизм 2026 йил 1 январдан Наманган вилоятида синовдан ўтказилади.
Шунингдек, солиқ қарзи ҳақидаги маълумотлар аҳоли учун янада қулай бўлиши мақсадида банклар ва тўлов ташкилотлари мобил иловалари бош саҳифасида автоматик тарзда акс эттирилиши режалаштирилган.


