Президентнинг 2026 йил 5 февралдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар жорий этилади. Мазкур ҳужжат қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни кенг қўллашни рағбатлантириш ва сувдан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
Қарорга кўра, 2027 йилдан бошлаб сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари ҳамда субсидия миқдори суғориладиган ерларнинг сув билан таъминланганлик даражасига қараб белгиланади. Сув билан етарли таъминланмаган ҳудудларда сув тежовчи технологияларни жорий этган хўжаликларга ажратиладиган субсидиялар 1,25 баробар оширилади.
Аксинча, сув билан яхши таъминланган ҳудудларда сув тежовчи технологияларни жорий этмаган хўжаликлар учун сувдан фойдаланганлик солиғи икки баробар миқдорда қўлланилади. Бу орқали сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ортиқча сарфнинг олдини олиш мақсад қилинган.
Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб шоли майдонлари ва балиқчилик хўжаликларида сув кириш ва чиқиш нуқталарига тадбиркорлар ҳисобидан «ақлли» сув ўлчаш қурилмаларини ўрнатиш мажбурий бўлади. Агар ушбу қурилмалар ўрнатилмаса, сувдан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси икки баробар оширилади.


