Ўзбекистонда йил бошида режалаштирилган лимитдан 116 фоиз кўп сув ишлатилди. Бу ҳақда Сув хўжалик вазирлиги матбуот котиби раҳбари Шуҳрат Суюнов АОКАда ўтказилган брифингдаги ҳисоботида маълум қилди. Жорий йилда кузатилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “2022 йилда кутилаётган сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан ишончли таъминлашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” 2022 йил 10 майдаги 243-сон қарори қабул қилинган. Ушбу қарорга мувофиқ, Сув хўжалиги вазирлиги йирик сув тақсимлаш иншоотлари ҳамда ҳудудларда 769 та суғориш штаби ташкил этилган. 1469 та кўчма дизель ва бошқа турдаги насос агрегатлари қўшимча сув олиш учун коллектор-дренаж тармоқларига ўрнатилиб, фойдаланиш йўлга қўйилган. Таҳлилларга кўра, республикадаги қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғориш учун 2022 йилнинг 1 апрелидан 10 августигача 21 млрд 419 млн метр куб сув олиш лимити ажратилган бўлиб, амалда 22 млрд 269 млн метр куб (104 фоиз) сув олинган. Республика бўйича кунлик суғориш ишларига 2146 м3/сек сув олиш лимити ажратилган, амалда эса 2486 м3/сек (лимитга нисбатан 116 фоиз) сув етказиб берилмоқда. Бугунги кунда республика сув омборларида жами 9,6 млрд м3 ёки ўтган йилга нисбатан 1,5 млрд м3 кўп сув захираси мавжуд.