Ўзбекистон туризм соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган янги тартибларни жорий этади. Ҳукумат қарорига кўра, машҳур халқаро кийим брендлари йирик савдо-кўнгилочар марказларга жалб қилинади, шунингдек, шаҳарлар чеккасида миллий меъморий услубда замонавий аутлет марказлари барпо этилади. Дастлабки босқичда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида лойиҳалар амалга оширилади, 2030 йилдан бошлаб эса бошқа туристик ҳудудларга кенгайтирилади.
2026 йил 1 февралдан эътиборан, Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетаётган чет эллик сайёҳларга олдин харид қилинган маҳсулотлар учун тўланган қўшилган қиймат солиғи нақд пул шаклида қайтариб берилиши мумкин бўлади. Бу қарор туристлар учун янада қулай шароитлар яратишни мақсад қилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан туристик стартаплар янги хизмат турларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизигача, аммо йилига 1 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда субсидия олиш имконига эга бўлади. «Яшил» халқаро сертификатлар олишга интилаётган меҳмонхоналар харажатларининг ярми қопланади. Бу чора-тадбирлар орқали экологик барқарор туризмни ривожлантириш ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.


